Welcome to Центр по координации и развитию рынка ценных бумаг   Click to listen highlighted text! Welcome to Центр по координации и развитию рынка ценных бумаг Powered By GSpeech
Тексты официальных выступлений
  eye                                

2018 12 13 12h57 19Мамлакатимизнинг ҳозирги тараққиёт босқичидаги ислоҳотларнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири иқтисодиёт тармоқлари фаолиятига хорижий менежерларни жалб қилиш билан изоҳланиб, у алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, бугунги кунда бир қатор ташкилотларда ривожланган давлатлардан келган муайян соҳанинг етакчи ходимлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

Улардан бири – Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директори ўринбосари Чой Жунг Сэонг билан суҳбатда бўлдик. 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Чой Жунг Сэонг 10 йил давомида қимматли қоғозлар бозори бўйича инвестиция таҳлилчиси сифатида ишлаган, Корея биржаси(KRX)нинг Қимматли қоғозлар ва ҳосилавий қимматли қоғозлар бўйича бошқармаларида 18 йил фао­лият юритган. Корпоратив бошқарув борасида ҳам муайян тажрибага эга. Юртимизда мазкур соҳада фаолият юритаётганига эса бир йилдан ошди.

Ўзбекистонда давлат хизматчиси бўлиб иш бошлаганингизда дастлаб нималаргаэътибор қаратдингиз, ўтган давр мобайнида қандай вазифаларни бажардингиз?

– Аввало шуни қайд этишим керакки, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази директори ўринбосари сифатида иш бошлашим юртингизда ислоҳотларнинг ўзига хос босқичи, айниқса, капитал бозори ва фонд биржаси фаолиятини янада ривожлантириш борасида улкан вазифалар юклатилган пайтга тўғри келган. Шу боис, менга берилган ваколатдан келиб чиқиб, асосий эътиборни Ўзбекистонда капитал бозори инфратузилмасини ривож­лантириш, бу бўйича таклифлар бериш ва уларнинг амалиётга тўғри татбиқ этилишини мувофиқлаштириб бориш, ушбу бозорга инвесторларни жалб қилиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, акциядорлик компанияларида корпоратив бошқарувни замон талабларига мослаштириш жараёнига ўз тажрибам асосида амалий кўмак беришга қаратдим.

Биринчидан, 2018 йилнинг февраль ойида корпоратив бошқарув ва капитал бозорини фаоллаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишда ҳамда уни Вазирлар Маҳкамасига киритишда иштирок этдим. Ушбу ҳужжатда республика молия бозорини тартибга солиш институтларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ўрин олган бўлиб, у бозорни самарали ва тизимли мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга. Йўл харитасида, айниқса, фонд бозорида асосий иштирокчи бўлиши лозим бўлган институционал ва индивидуал инвесторлар ҳамда инвестиция ва пай фондлари учун бозор жозибадорлигини оширишга қаратилган таклифларнинг мавжудлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Албатта, ушбу ва бошқа чора-тадбирлар муайян давр мобайнида босқичма-босқич амалга оширилишга йўналтирилган. Таклифларни ишлаб чиқишда Корея Республикаси ва бош­қа ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибасига таянилди.

Якунланаётган йилнинг август ойида Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича Бош прокуратура бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ ишида қатнашдим. Бир неча ой давомида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолиятини ва умуман, молия бозорини давлат томонидан тартибга солиш жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича олиб борилаётган ўрганишлар чоғида ўз таклифларимни бердим. Умид қиламанки, жорий йилнинг охирига қадар тегишли ҳужжатлар қабул қилинади.

– Ўзбекистонда фонд бозорини риво­лантириш учун қисқа муддатда қандай чораларникўриш муҳим деб ҳисоблайсиз?

– Аввало, ушбу бозорни тартибга солувчи давлат органи – Қимматли қоғозлар маркази мавқеини ошириш, унга бошқа органлардан мустақил тарзда қарор қабул қилиш ва бозор иштирокчилари фаолиятининг сифатли назоратини ташкил этиш учун барча ваколатларни бериш керак. Бу масалани жорий йил сентябрда Тошкентга ташриф буюрган Қимматли қоғозлар бўйича комиссияларнинг халқаро ташкилоти (ИОСКО) вакиллари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишди. Кейинги босқичда капитал бозорини фаоллаштириш бўйича ўрта муддатли ривожланиш стратегияларини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, ушбу бозорни фаоллаштириш учун жуда кўп сотувчи ва харидорлар бўлиши керак. Шу сабабли капитал бозорининг келажакдаги сиёсати фонд бозорида қимматли қоғозларга бўлган талаб даражасини оширишга қаратилиши керак. Шу мақсадда маҳаллий брокерлик фирмалари йирик инвестиция банки сингари фонд бозорида фаол иштирок этиши муҳим. Масалан, Жанубий Кореяда брокерлик қиладиган ва қимматли қоғозлар фондини молиялаштириш учун акцияларни сотиб олиш фондини ташкил этадиган етакчи компаниялар билан инвес­тиция компаниясини тузиш муҳим, натижада кичик брокерлар йирик компаниялар сифатида фаолият юритиши мумкин. Ўзбекистон капитал бозори ривожи учун зарур бўлган яна бир жиҳат тижорат банклари соҳасининг инновациясидир. Чунки банк секторининг инновациясисиз капитал бозорида сезиларли ўзгаришларга эришиш қийин. Ривожланган мамлакатлардаги молия саноати тараққиёт жараёнига назар ташлайдиган бўлсак, биринчи навбатда банк сектори ривожланган, унинг кетидан эса капитал бозори тараққиётини кузатиш мумкин. Ҳақиқий иқтисодиётнинг ўсиш механизми молия сектори томонидан таъминланади. Банк тизими самарали фаолият юрита олмайдиган бўлса, иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш кутилмайди. Агар эркин депозит ва бошқа пул маблағлари кафолатланган бўлса, тижорат банкларининг кредит бериш қобилияти ва даромади яхшиланади, банк сектори тўлиқ ривожланиш босқичига ўтади. Тижорат банки соҳасида эркин депозит ва пул маблағларини олиш кафолатланган бўлса, банкнинг кредитни яратиш функцияси кенгайтирилади ва даромад таркиби яхшиланади.

Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори Корея биржаси (KRX) билан ҳамкорликда модернизация қилинди, бу сизнинг иш фаолиятингизга енгиллик яратдими?

– Корея биржаси томонидан Ўзбекистон фонд бозори учун ишлаб чиқилган ягона дас­турий-техник мажмуа жаҳон стандартларига мосдир. Агар Ўзбекистоннинг капитал бозори узоқ муддатда ўсишда давом этса, янги маж­муа фонд бозори ликвидлилигини яхшилаш учун катта синергетик таъсирга эга бўлади. Корея биржасининг Exture тизими жаҳон даражасидаги ликвидлиликни бошқариш учун савдо майдончаларида юқори даражадаги самарадорликни таъминловчи ва жараён­ни тезлаштирувчи очиқ тизимни 2014 йилда татбиқ этган. Бундай тизим Ўзбекистонда ҳам яқинда жорий этилди. Бу Ўзбекистон фонд бозорининг бирдан ўсишига хизмат қилаётган бўлишига қарамасдан, биржада ликвидлилик даражаси ҳали етарли эмас.

Ўзбекистон фонд бозорининг бугунги ҳолати ва фонд бозорини ривож­лантириш ҳақидаги фикрингизни билдирсангиз.

– Ўзбекистонда иқтисодиёт жадал суръатда ривожланиб боряпти. Бу жараёнда капитал бозори, шу жумладан, фонд биржасининг ролини кўтариш мақсадга мувофиқ. Масалан, мавжуд акциялар бозорида сотадиганлар бор, аммо сотиб олувчилар етарли даражада эмас, талаб пойдевори йўқ. Бу ҳолатни яхшилаш учун мазкур бозор имкониятлари ҳақида аҳолини кўпроқ хабардор қилиш керак. Бундан ташқари, тижорат банклари ҳам бу бозорда фаол иштирок этиши лозим. Шунингдек, инвестиция банклари тузилса, улар қимматли қоғозлар билан битимларни молиялаштиришни (маржинал савдо) амалга оширади. Инвестиция банклари капитал бозорини қайта тиклашда муҳим роль ўйнайди. Уларнинг асосий вазифаси қимматли қоғозларни сотиб олиш, бозорни ўрганиш, таҳлил қилиш, уни тарғиб этиш каби қимматли қоғозларга доир турли ишларни амалга ошириш ва қимматли қоғозлар фаолияти билан боғлиқ чораларни кўришдир. Инвестиция банки хусусийлаштирилган активларни бошқариб, капитал бозорининг ўсишида асосий иштирокчилардан бирига айланади.

Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган IPO ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик, бу усулдан хусусийлаштириш жараёнида фойдаланишни давом эттириш мақсадга мувофиқми?

– Ўзбекистонда барча хусусий инвесторлар тенг иштирок этиши мумкин бўлган хусусийлаштиришнинг IPO усули биринчи бор қўлланилиши маҳаллий капитал бозори тарихида катта аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бу жуда самарали йўл бўлиб, пировардида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин камайтиришга ва фонд бозорининг ривожига катта туртки берувчи омилдир. Глобал стандарт бўйича баъзи бир камчилик­лари бўлиши мумкин, лекин, умуман олганда, “Кварц” компанияси акцияларининг IPO усулида сотилиши билан ушбу бозорга илк қадам қўйилди, унинг ижобий натижаси эса бошқа акциядорлик жамиятларини хусусийлаштиришда ҳам бу тажрибани қўллаш қарорининг қўллаб-қувватланишига олиб келди. Ҳозирда яна бир нечта акциядорлик жамиятида IPOни ўтказиш тўғрисида тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Албатта, бу жараёнда халқаро тажрибани, шу жумладан, Жанубий Кореядаги амалиётни ўрганишда кўмак кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Ҳозирги вақтда қимматли қоғозларнинг иккиламчи оммавий таклифи (SPO) усули билан “Қўқон механика заводи” АЖ акция­ларини сотишга тайёргарлик кетмоқда. Бу жараёнда қандай тавсияларга риоя қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайсиз?

– Албатта, мамлакатингиз иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш учун ушбу усул асосида акцияларни сотиш муҳим аҳамиятга эга ва ҳозирги ривожланиш босқичида айниқса зарур. Фақат уни самарали ташкил этишга эътибор берилсагина муваффақиятга эришиш мумкин. Ривожланган мамлакатларда IPO ва SPO жараёнида қимматли қоғозларнинг бозор баҳоси талабни ўрганиш асосида аниқланади. Ўзбекистонда ривожланаётган мамлакатлар амалиёти қўлланилишини таклиф этаман.

Хорижий тажрибада IPO ёки SPOдаги акциялар эмитентининг активлари ва фойдаси аудиторлик компаниялари томонидан тасдиқланади ва молиявий маслаҳатчи фирмалар томонидан келажакдаги ўзгаришлар аниқланади. Шунингдек, IPO ва SPOда эмитент (сотувчи) тегишли савдога таклиф этилган қимматли қоғозлар баҳосининг 
муайян миқдорда дисконтланган нархини белгилайди ҳамда оммавий сотув ана шу таклиф этилган нархда амалга оширилиши мумкин. Мамлакатингизда ўтказилаётган ушбу жараёнда шу каби масалаларга эътибор қаратиш даркор деб ҳисоблайман.

Марказ ва унинг ҳудудий органлари томонидан акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти қандай йўлга қўйил­ган? Жанубий Кореянинг бу борадаги таж­рибаси ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Акциядорлик жамиятларида халқаро андозаларга мос корпоратив бошқарув тизимининг яратилиши кам улушга эга бўлган акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жуда муҳим аҳамиятга эга. Жанубий Кореяда миноритар (кам улушга эга бўлган) акциядорларнинг ҳуқуқлари турли усуллар билан ҳимояланган, масалан, вакиллик судлари, акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига таклифлар бериш ҳамда навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш, корхона бош­қаруви аъзолари ва ташқи аудиторини олиб ташлаш ҳуқуқи ҳамда ялпи овоз бериш тизими жорий қилинган. Ўзбекистондаги корпоратив бошқарув тизими ҳозирда ривожланиш жараё­нида ва катта эьтибор миноритар акция­дорларни ҳимоя қилишга қаратилмоқда.

Дивидендларнинг тўланмаслиги, биринчи навбатда, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Қимматли қоғозлар маркази эса ҳисобланган дивиденд­ларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўланиши юзасидан зарур чоралар кўради. Қимматли қоғозлар маркази корпоратив бош­қарувнинг халқаро стандартлари татбиқ этилишини назорат қилиши керак, шу жумладан, корхона ижроия органининг шаффофлиги, дивиденд тўланиши ҳамда корхонада ички назорат функциялари йўлган қўйилганлигига доимо алоҳида эътибор бериши лозим. Жумладан, дивидендларни тўлашда юзага келаётган 
муаммоларга барҳам бериш мақсадида илғор жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган дивидендларни қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари бўлган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва инвестиция воситачилари орқали тўлашга ҳуқуқий асослар яратиши зарур.

Бозорга сезиларли таъсир кўрсатувчи яна бир муаммо айрим акциядорлик жамиятларида директорлик корпусига акциядорлар таъсирининг йўқлиги натижасида корхона фаолиятининг шаффофлиги таъминланмаётганлигидир. Марказнинг ҳудудий органлари эса қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда кескин чоралар кўриш учун айбдорларга нисбатан таъсир этиш механизмларини кучайтириши лозим. Ўз навбатида, давлат улуши номидан иш кўраётган жамиятлар кузатув кенгаши аьзолари ҳам жамият менежменти томонидан ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни вақтида ва тўлиқ ошкор этишига доимо аҳамият қаратиши шарт.

Келажакдаги режаларингиз нималардан иборат?

– Менинг Ўзбекистондаги фаолиятим мамлакатингиз капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган. Бу борада белгиланган вазифаларни, халқаро, айниқса, Жанубий Корея тажрибаси бўйича тақдим этилган таклифларни рўёбга чиқариш келгуси режамнинг асосини ташкил этади. Бундан ташқари, республикангиз ҳудудларига ташриф буюриб, марказнинг у ерлардаги ҳудудий органлари иши билан, аҳолининг фонд бозори ҳақидаги фикрлари билан яқиндан танишишга эътиборимни қаратиб, барча саъй-ҳаракатларимни сафарбар этмоқчиман. Умуман, Ўзбекистондаги нуфузли давлат органида масъ­улиятли вазифанинг менга топширилгани билан фахрланаман. Билдирилган ишончни оқлаш учун масъулиятни ҳис қилган ҳолда бор куч-ғайратим ва тажрибамга таянган тарзда фаолият юритишга ҳаракат қиляпман.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.
Источник:"Бизнес-Daily медиа" 
  • Государственный портал РУз
  • Виртуальная приемная Президента РУз Ш.М.Мирзиёева
  • Госкомконкуренции РУз
  • РФБ 'Тошкент'
  • Министерство финансов РУз
  • Единый портал интерактивных госуслуг
  • International Organization of Securities Commissions
  • Государственная Инспекция по надзору в сфере связи, информатизации и телекоммуникационных технологий
  • Центральный депозитарий ценных бумаг РУз
  • Национальная база законодательства
  • Центральный банк РУз
  • strateg
Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech