Welcome to Центр по координации и развитию рынка ценных бумаг   Click to listen highlighted text! Welcome to Центр по координации и развитию рынка ценных бумаг Powered By GSpeech
Тексты официальных выступлений
  eye                                

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, чунончи, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш учун инвестицияларни жалб этишда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолиятининг ўзига хос ўрни бор. Мухбиримизнинг мазкур марказ бош директори Баҳодир АТАХАНОВ билан қилган суҳбатида шу ҳақда сўз юритилган.

—Ўтган йиллар давомида марказ шаклланиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтди. Шу боис дастлаб фаолият тарихига тўхталиб ўтсангиз?

— Албатта, марказ фаолиятининг йўлга қўйилганига жорий йилнинг март ойида 20 йил тўлди. Бу давр ичида бир қатор муҳим ўзгаришлар рўй берди. Аввало шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда корпоратив қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, уни давлат томонидан тартибга солиш, унинг қатнашчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ишлари дастлаб 1993 йил 2 сентябрда имзоланган “Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида”ги қонун асосида бошланганди.

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази эса Президентимизнинг 1996 йил 26 мартдаги фармони билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси негизида Давлат мулки қўмитаси қошида тузилган. Ўша вақтда республикамизда хусусийлаштириш жараёни кенг миқёсда йўлга қўйилиб, минглаб давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига айлантириш, улар чиқарган акцияларни фонд биржаси орқали оммавий сотиш жадал амалга оширилаётган эди. Бундай шароитда фонд бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, энг асосийси Давлат мулки қўмитаси томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда кўмак кўрсатиш ҳамда ушбу йўналишдаги турли тўсиқларни бартараф этиш учун қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат органи айнан ушбу қўмита ҳузурида бўлиши мақсадга мувофиқ деб топилганди.

Президент Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги қарори билан тасдиқланган марказ фаолияти тўғрисидаги низомда унинг зиммасига қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш юклатилган.

Марказ 1998 йилда Қимматли қоғозлар комиссияларининг халқаро ташкилотига 120 та давлат ваколатли органлари қаторида тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кирди, жорий йилда эса мазкур ташкилот билан ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйилиши кутилмоқда.

Давлат мулки қўмитаси билан Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бирлашгандан кейин Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан марказ аҳамияти ва номи бир мунча ўзгариб, ўз фаолиятини Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази сифатида давом эттирмоқда.

— Марказга юклатилган вазифаларга батафсилроқ тўхталсангиз...

—Марказ томонидан фонд бозорини ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, марказда қимматли қоғозлар чиқарилиши, қимматли қоғозлар бозори тузилмаси ва ривожланиши юзасидан қатнашчилар бўйича маълумотларни шакллантириш, уларнинг ҳисобини юритиш, қимматли қоғозлар муомалада бўлишини ташкил этиш, бозор қатнашчиларининг касб фаолиятини бошқариш, бозордаги профессионал фаолиятни лицензиялаш, қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда улар бўйича кўрсатмалар бериш ва тегишли таъсир чораларини кўриш каби ваколатлар берилган.

Марказ ташкил этилган кундан буён ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қимматли қоғозлар бозори фаолиятига доир қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, ахборотлар ошкор этилиши қоидаларини белгилаш ҳамда давлат бошқаруви органлари, фуқаролар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларидан зарур бўлган ҳужжат ва маълумотларни сўраш ва олиш ваколатларига эга.

— Марказнинг бир неча йўналишдаги фаолиятидан кўзланган асосий мақсад нимадан иборат?

— Маълумки, ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун доимий равишда молиявий қуйилмалар зарур бўлади, корхоналар янги турдаги, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқиши ва сифатли хизматларни кўрсатиши учун инвестициялар жалб қилади. Бунда арзонроқ ва узоқ муддатга мўлжалланган маблағларни қисқа вақтда жалб қилиш учун фонд бозорининг ўрни катта.

Шу боис марказ томонидан фонд бозорида томонлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, ҳалол рақобатда молиявий қўйилмаларни излаётган корхоналар ва самарали инвестициялар амалга оширишни кўзлаётган жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан хорижий инвесторлар учун тенг имконият ва қулай шароит яратиб берилмоқда. Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳам шундан иборат.

—Инвесторларнинг ҳуқуқлари акциядорлик жамиятлари мансабдор шахслари ёки йирик акциядорлар томонидан поймол қилинганда, улар марказга ҳимоя сўраб мурожаат қилишса бўладими?

—Албатта. Марказ ўтган йиллар давомида минглаб инвесторлар ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ўз ваколати доирасидаги чораларни кўриш орқали тиклаб берган. Кўпгина шахслар манфаатини кўзлаб, судларга даъво аризалари киритиб, уларнинг ҳуқуқларини тиклаган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан таъсир чораларини кўрган.

Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, илгари акциядорлар ҳуқуқлари бузилганда, жумладан, жамият раҳбарияти жамият фаолияти ҳақидаги ахборотларни яширган ва белгиланган тартибда ошкор қилмаганда, ушбу жамиятга иқтисодий жарималар қўлланилар эди. Оқибатда жамият молиявий хўжалик фаолиятига зарар етказиларди, ёлланган жамият раҳбари эса хулоса қилиш ўрнига қонунбузарликларни сурункали давом эттираверарди. Бундай ҳолат акциядорнинг ўзига салбий таъсир қилган холос. Бундан тўрт йил олдин Президентимиз ташаббуси билан қимматли қоғозлар бозорига оид қонунбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан қўлланилган иқтисодий жарималар мансабдор шахсларга нисбатан қўлланиладиган маъмурий жарималар билан тўлиқ алмаштирилди.

— Ўтган йиллар давомида қимматли қоғозлар бозори фаолиятидаги ўзгаришларнинг асосий омили бу унинг ҳуқуқий асоси билан бевосита боғлиқ бўлгани табиий, шу жараён ҳақида ҳам тўхталсангиз.

—Марказни ташкил этиш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинганидан сўнг 1996 йил апрель ойида соҳа учун устувор бўлган ҳужжатлар ҳисобланган “Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар кучга кирган. Бундан ташқари, 1998 йилда “Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида”ги ва 2001 йилда “Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бир қатор Президент ва Ҳукумат қарорлари, шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижада, қимматли қоғозлар бозори шаклланиши ва ривожланишининг дастлабки босқичи қонуний жиҳатдан тўлиқ қамраб олинди.

Мамлакатимиз фонд бозори ривожланишининг кейинги босқичида, яъни 2008 йил июль ойида юқоридаги қонунлар (“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундан ташқари) бирлаштирилиб, уларнинг негизида ягона ҳужжат “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун билан дунё тажрибасидан келиб чиқиб, акциялар қоғоз шаклидан электрон шаклга ўзгарди ва акциядорлар реестрини юритиш функцияси акциядорлик жамиятларидан олиниб, 1999 йилда давлат корхонаси шаклида тузилган Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига берилди. Шунингдек, мазкур қонундан келиб чиқиб, барча турдаги қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари ўз маблағларининг 2009 йил 1 январдан амалда бўлган энг кам миқдори белгиланди. Масалан, инвестиция воситачиси сифатида фаолият кўрсатиш учун корхона ўз маблағларининг энг кам миқдори 50,0 минг евро эквивалентида бўлиши лозим.

Дунё капитал бозори бир жойда турмаганлиги каби, кучайиб бораётган рақобат муҳитида Ўзбекистон фонд бозори ҳам 2012 йилдан бошлаб ривожланишнинг кейинги босқичига ўтди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва дунёда биринчи ўнликка кирган Корея фонд биржаси ўртасида 2011 йил августда имзоланган Мамлакатимиз фонд бозорини модернизация қилиш тўғрисидаги шартнома ва Президентимизнинг 2012 йил март ойида қабул қилинган “Фонд бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта йўл очди. Корея фонд биржаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳага асосан Ўзбекистон фонд бозори учун камида 6 млн АҚШ доллари суммасига тенг дастурий таъминлашни, сервер ва телекоммуникация асбоб-ускуналарини, маҳаллий мутахассисларни ўқитишни ва 1 йил мобайнида кафолатли хизмат кўрсатишни ўз ичига оладиган Ягона дастурий-техник комплексни фойдаланишга тайёр қилиб етказиб берилиши ва жорий этилиши мўлжалланган. Ҳозирда мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёни энг қизғин паллага кирди.

Қайд этиш лозимки, 2014 йилда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз электрон шаклда амалга оширилиши ҳақида ўзгартириш киритилди. Бу эса республикада электрон савдолар ривожланиши ва кенг миқёсда замонавий ахборот технологиялар жорий қилиниши вақти келганини белгилаб берди.

Мамлакатимиз фонд бозори фаолияти ҳозирги босқичининг ҳуқуқий замини янги таҳрирда қабул қилинган ва 2014 йил май ойидан кучга кирган “Акциядорлик жамиятларининг ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва 2015 йил июндан кучга кирган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамланди. Эътиборли жиҳати, ушбу қонунлар республикамиз фонд бозорида маълумотлар ошкоралигини таъминлашга ҳамда акция, корпоратив облигация ва бошқа турдаги қимматли қоғозлар, шу жумладан инфратузилма облигациялари билан олди-сотди битимлар очиқ уюшган бозорда амалга оширилишига қаратилган бир қатор янги нормаларни ўз ичига олган. Масалан, акциядорлик жамиятларининг барчаси ўз корпоратив веб-сайтларига эга бўлиши ва акциядорлар билан электрон почта орқали алоқада бўлиши лозимлиги белгиланди.

Яна бир мисол тариқасида янги қонунлар билан қимматли қоғозларнинг бозор баҳоси айнан уюшган бозорда (фонд биржасида) шаклланиши ҳақида белгилаб ўтилганлигигини ҳамда инвесторларнинг маблағи ва вақтини тежаш мақсадида инвестиция воситачилари ва депозитарий фаолиятлари бирлаштирилганлигини таъкидлаш мумкин.

Бундан ташқари, 2015 йил 25 августда имзоланган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун билан республика фонд бозорида пай фондлари шаклланиши учун ҳуқуқий асос яратилди ва инвестиция фондларининг ҳуқуқийбазаси янада мустаҳкамланди.

Умуман олганда, 2014 ва 2015 йилларда фонд бозори янгиликларга бой бўлди, унинг иштирокчилари орасида ва инфратузилмасида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Масалан, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси билан ҳамкорликда акциядорлик жамиятлари томонидан чиқарилган акция ва корпоратив облигацияларга халқаро кодлар (ISIN ва CFI) берилиши йўлга қўйилди. Мазкур ўзгаришларнинг ижобий натижасини эса республикамиз фонд бозорида савдолар айланмаси ва битимлар сони ошиб бораётганида кузатиш мумкин.

—Маълумки, фонд бозори ва корпоратив бошқарув тизими ҳамнафас ривожланади ва бир-бири билан жуда боғланган. Сир эмас фонд бозоридаги акцияларга бўлган талаб-таклиф фаоллиги ва нархлар ўзгариши акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқаруви қанчалик йўлга қўйилганлигини кўрсатади. Бу борада марказ томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?

—Албатта, марказ томонидан акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ривожига алоҳида аҳамият қаратилади. Бунинг асосий сабаби, акциядорлик жамиятлари тадбиркорлик фаолиятининг бошқа ташкилий-ҳуқиқий шаклларидан фарқли равишда фонд бозори орқали чекланмаган миқдорда чекланмаган шахслардан маблағ жалб қилиш, унинг акциядорлари эса хоҳлаган вақтида ўз акцияларини сотиш ёки бошқа йўллар билан бегоналаштириш имкониятига эга. Юртимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб акциядорлик жамиятларида минглаб акциядорлар мавжуд. Бунга тижорат банклари ва инвестиция фондлари яхши мисол бўла олади. Маълумот учун айтиш жоизки, бугунги кунда мавжуд акциядорлик жамиятлари томонидан чиқарилган ва акциядорлари ўртасида жойлаштирилган акциялар номинал қиймати 20 трлн.сўмга етди, 2010 йилда эса бу кўрсаткич 6,8 трлн.сўм бўлган.

Таъкидлаш зарур, тадбиркорлик фаолиятини акциядорлик жамияти шаклида амалга ошириш юридик шахсдан корпоратив бошқарув масалаларига катта эътибор қаратишни талаб қилади, чунки корпоратив бошқарув тизимини яхши йўлга қўйган жамиятгина бу ташкилий-ҳуқуқий шакл қулайликларидан максимал даражада фойда кўра олади. Кузатувлар тадбиркорлар ўзига бизнес ҳамкор излаётганда акциядорлик жамиятларига кўпроқ ишонч билан қарашини кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва у билан тасдиқланган Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури юртимизда корпоратив бошқарув тизимини ривожлантиришда катта қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, мазкур фармонга мувофиқ, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ҳамда уларнинг бўлажак инвесторлар учун очиқлиги ва жозибадорлигини ошириш, жамият фаолияти тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш асосида акциядорлар ва инвесторларнинг бошқарувдаги ролини кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг охирида Корпоратив ахборот ягона портали ишга туширилди. Мазкур портал орқали акциядорлик жамиятлари молиявий-хўжалик фаолияти ҳақидаги тижорат сири бўлмаган барча батафсил маълумотларни олиш мумкин.

Ҳозир марказ томонидан юқоридаги фармон ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартишларга асосан акциядорлик жамиятлари томонидан Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига кўра, ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин эълон қилинишини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Энг қувонарлиси, мазкур Фармон ва ундан кейин қабул қилинган бир қатор Президент ва Ҳукумат қарорлари билан акциядорлик жамиятларида давлат иштироки кескин камайишига ва бу корхоналарга асл мулкдорлар келишига эришилмоқда.

– Кенг қамровли вазифаларни талаб даражасида бажариш кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шу маънода марказни билимли ва малакали ходимлар билан таъминлаш масаласи қандай ҳал этилаяпти?

– Бугунги кунда марказнинг қимматли қоғозлар чиқарилувлари ягона давлат реестрини юритиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва қимматли қоғозлар бозори таҳлили, ахборотлар ошкор этилишини назорат қилиш ҳамда профессионал фаолиятни лицензиялаш ва назорат қилиш бўйича тўртта асосий бошқармаси ва ҳудудий органлари мавжуд. Юртимизда қимматли қоғозлар бозори ва корхоналаримизда корпоратив бошқарув тизими доимий равишда ривожлиниши учун замонавий фикрлайдиган, мазкур соҳалардаги энг илғор халқаро тажрибадан хабари бор, ватанпарвар ва янгиликка интилувчан мутахассислар жуда ҳам зарур. Бу эса ходимларни ишга ёллашда эътиборли бўлиш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув-семинар-тренингларни ташкил этиш, ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳити ва ўз устидан ишлаши учун шароит яратишни тақозо этади.

Марказни билимли ва малакали ходимлар билан таъминлашда, энг аввало, мутахассисларимиз масъулиятдан қочмайдиган, иродаси мустаҳкам, жонкуяр, ҳалол ва ҳақиқатпарвар бўлиши лозим деган тамойилга амал қиламиз. Ана шу фазилатларга эга бўлган барча ходимларимизни қўллаб-қувватлаймиз, уларнинг билимлари янада ошиши, дунёқараши кенгайиши учун тегишли чораларни кўраяпмиз. Бунда катта эътибор ходимларни самарали рағбатлантириш тизимини яратишга қаратилади ва биз улар фонд бозори ривожига қўшаётган ҳиссаларидан қувонган ҳолда, ушбу улушни юқори даражага кўтаришга интилиши учун шароит яратишга ҳаракат қилмоқдамиз.

— Бугунги кунда марказ олдида қандай вазифалар долзарб бўлиб турибди?

— Марказ олдида турган энг асосий мақсад яқин келажакда республикамиз молия бозори, шу жумладан фонд бозори, дунё миқёсида рақобатбардош бўлишига эришиш, бунда фонд бозорининг устувор тамойилларига доимий равишда риоя қилинишини таъминлашдир. Юртимиз фонд бозорида маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўзларини қулай ҳис қилиши керак. Ушбу мақсадга эришиш учун яқинда қабул қилинган қонун ҳужжатларини тўғри ва тўлиқ татбиқ этилишини ҳамда уларга манфаатдор томонлар тенг риоя қилишини таъминлашимиз зарур.

Бу борада соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳар бир нормасини жойларда кенг тушунтириш нафақат шу куннинг ёки келгусидаги, балки доимий равишда эътибор талаб қилинадиган вазифа саналади. Чунки, муаммолар кўпинча қонунчиликни яхши тушунмаслик ёки бошқача талқин қилиш оқибатида келиб чиқади. Шунинг учун биз эътиборимизни корхоналар, инвесторлар ва бошқа бозор иштирочилари учун ҳуқуқий асосларни яратиб беришдан ташқари, қонун ҳужжатларини оддий, содда тилда амалиётчиларга етказишга қаратишимиз лозим.

Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвесторлар кириб келар экан, уларга қонунчилигимиз, олиб борилаётган ислоҳотларимиз ва таҳлиллар ҳақида инглиз ва бошқа хорижий тилларда сифатли ва тезкор маълумотларни доимий равишда тақдим этиб боришимиз зарур. Бу масалани ҳам ўз олдимизга бугунги кундаги вазифа сифатида белгилаганмиз ва бу йўналишда дастлабки қадам сифатида “Thomson Reuters” халқаро ахборот агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Яна бир муҳим масала бу Қимматли қоғозлар комиссияларининг халқаро ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамда бошқа халқаро ташкилот, йирик олим ва амалиётчилар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдир. Бунинг учун жорий йилда фонд бозори ва корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган халқаро форум, конференция ва семинарлар ўтказиш режалаштирилган.

Суҳбатдош: Замира ТОЖИЕВА.

  • Государственный портал РУз
  • Виртуальная приемная Президента РУз Ш.М.Мирзиёева
  • Госкомконкуренции РУз
  • РФБ 'Тошкент'
  • Министерство финансов РУз
  • Единый портал интерактивных госуслуг
  • International Organization of Securities Commissions
  • Государственная Инспекция по надзору в сфере связи, информатизации и телекоммуникационных технологий
  • Центральный депозитарий ценных бумаг РУз
  • Национальная база законодательства
  • Центральный банк РУз
  • strateg
Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech